2019 йилда Ўзбекистон Республикаси тўлов балансининг ҳолати бир қатор ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланди.
2019 йилда тўлов баланси ҳолатига таъсир қилган ички омиллар 2018 йилдаги каби ҳудудларни ривожлантириш бўйича давлат дастурларини жадал тарзда амалга оширишга доир иқтисодиётни кредитлаш ҳажмининг ошиши, ташқи қарз ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ортиши билан боғлиқ бўлди.
Хомашё товарлари нархларининг ижобий динамикаси, шунингдек, пул ўтказмалари бўйича тушумларнинг кўпайиши ташқи омиллардан бўлди.
Юқорида келтирилган омилларнинг таъсири остида тўлов балансининг жорий ҳисоби 3,2 млрд. АҚШ долларига тенг дефицитни кўрсатди. Бунда савдо баланси ва халқаро хизматларнинг манфий сальдоси (9,6 млрд. долл.) бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг мусбат сальдоси (6,3 млрд. долл.) билан қисман қопланди.
Шу билан бирга, молиявий ҳисобнинг манфий сальдоси резидентлар молиявий мажбуриятларининг кўпайиши (9,6 млрд. долл.), шунингдек, резидентлар томонидан молиявий активларнинг сотиб олиниши (3,1 млрд. долл.) натижасида 6,5 млрд. долларни ташкил қилди.
Ўзбекистон Республикасининг соф инвестицион позицияси 2020 йилнинг 1 январида 12,3 млрд. долларни ташкил қилди. Бунда бошқа мамлакатларга нисбатан давлат бошқаруви“соф кредитор”, банк сектори ва бошқа секторлар мос равишда “соф қарздор” ва “соф кредитор”ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг ялпи ташқи қарзи 2020 йилнинг 1 январида 24,4 млрд. долларни ташкил қилиб, ундан 15,8 млрд. доллари давлат секторининг қарзлари, 8,6 млрд. доллари хусусий ташқи қарздир.
Юқорида таъкидланган кўрсаткичларнинг ўзгариши бўйича тўлиқ маълумотлар, шунингдек, уларнинг ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичларга нисбатан ўзгаришларининг таҳлили Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил учун тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи бўйича нашрида келтирилади.