Марказий банк томонидан миллий координатор сифатида Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс (We-Finance Code) халқаро ташаббусини жорий этиш доирасида Миллий Низом ишлаб чиқилди. Ушбу Низом мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга йўналтирилган институционал ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади.
Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс доирасида Миллий Низом Ўзбекистонда манфаатдор томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириб барқарор экотизим яратишга, статистика таҳлилига асосланган гендер тенглиги бўйича сиёсатларни амалга оширишга, халқаро майдонда ислоҳотларни намоён этишга ҳамда мамлакатимиз нуфузини мустаҳкамлашга имконият яратади.
Бундан ташқари, Кодекс иштирокчиларига халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, аёл тадбиркорларнинг эҳтиёжларига мос маҳсулотларни яратишга, тажриба ва билим алмашиш, шунингдек, илғор амалиётларни жорий этишга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раҳбарлигидаги молиявий бозор иштирокчиларидан ташкил топган ишчи гуруҳ (Mиллий коалиция) Mажбуриятнома хатларини (Commitments) ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича кенг кўламли ва мувофиқлаштирилган ишларни амалга оширди. Mажбуриятнома хатлари ташаббусда иштирок этишнинг асосий талаби бўлиб, сифат ва миқдорий кўрсаткичлар ҳамда аниқ амалий чора-тадбирлар орқали аёл тадбиркорларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
We-Finance Code ташаббуси бугунги кунда дунё бўйлаб 30 дан ортиқ мамлакатда жорий этилмоқда. Марказий Осиёда ушбу ташаббус Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Монголияда илгари сурилмоқда. Ўзбекистон ушбу ташаббус доирасида Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс Миллий Низомини ишлаб чиққан минтақадаги дастлабки давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Марказий банк томонидан Миллий Низомни ишлаб чиқиш Европанинг Тикланиш ва Тараққиёт Банки ҳамда ConsumerCentriX халқаро консалтинг компанияси билан яқин ҳамкорликда амалга оширилди.
Миллий Низомни ишлаб чиқиш жараёнида молиявий сектор иштирокчилари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан кенг кўламли маслаҳат учрашувлари ўтказилди. Бў ўз навбатида ташаббусни амалга оширишда фикрлар ва амалий жиҳатларни инобатга олиш имконини берди.
Миллий Низом мамлакатдаги аёллар тадбиркорлигининг ҳозирги ҳолати ва мавжуд тўсиқларни таҳлил қилишга қаратилган кенг қамровли ишлар натижаси ҳисобланиб, ушбу таҳлиллар халқаро консалтинг компанияси McKinsey ва БМТ Тараққиёт Дастури томонидан ўтказилган тадқиқот ва сўровномалар асосида амалга оширилди.
Миллий Низом ҳақида
Миллий Низом Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусни жорий этиш доирасидаги устуворликлари ва мақсадларини акс эттиради ҳамда ташаббусни асосий тамойиллари амалга оширишда миллий йўриқнома вазифасини ўтайди.
Миллий Низом қуйидаги устувор жиҳатларни ўз ичига олади:
· Миллий Низомнинг асосий тамойиллари ва мақсадлари
· Давлат ташкилотлари, тижорат банклари, микромолиявий ташкилотлар ва нодавлат секторнинг аёл тадбиркорлигига институционал ёрдам кўрсатишдаги ўрни;
· Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс тамойилларини амалга ошириш жараёнида мониторинг, баҳолаш ва ҳисобот бериш механизмлари;
· Иштирокчиларни танлаш мезонлари ва ташаббусни амалга оширишга жалб қилиш тартиби.
Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекснинг барча иштирокчилари ўз ваколатлари ва зиммасига олган мажбуриятлари доирасида молиявий оммабопликни ривожлантириш ҳамда аёл тадбиркорлар учун тенг имкониятларни таъминлашга муносиб ҳисса қўшадилар.
Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс доирасида 17 нафар иштирокчиларнинг Мажбуриятномалари (commitments)

Аgrobank, Turon bank, Aloqa bank, Xalq banki, Milliy bank, Asaka bank, MKbank, Hamkorbank, SQB, BRB, Ipak Yo‘li banki, Imkon Finans, Renesans, OASIS Kredit, NAMI, Sabr mikromoliya tashkiloti, FinTech.
Маълумот учун: Women Entrepreneurs Finance 2023 йил октябрь ойида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг йиллик учрашувларида расман ишга туширилган бўлиб - аёл тадбиркорларининг молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган халқаро ташаббус бўлиб, у молиявий ташкилотлари, молия регуляторлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий секторнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали амалга оширилади.
2024 йилда ЕБРР президенти Одиль Рено Бассо ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева ўртасида имзоланган ўзаро Меморандумига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мамлакатда We-Finance Code ташаббусини жорий этиш бўйича асосий мувофиқлаштирувчи этиб тайинланди.